Ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш “Legal Tech” тизими

Оилавий поликлиникада Давлат буджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида ШАРТНОМА

Ҳужжат тавсифи
Шартнома маълумотлари

Юклаб олинг

Оилавий поликлиникада Давлат буджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида

ШАРТНОМА

Шартнома имзоланадиган вақт (кун, ой, йил)

Шартнома рақами

Шартнома имзоланадиган жой (туман/шаҳар номи)

 

Ушбу шартнома оилавий поликлиника тиббиёт бригадаси ва жисмоний шахс ўртасида тузилди.

Бир томондан меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи Бирламчи тиббий-санитария муассасаси номи, оилавий шифокорнинг Ф.И.О.

кейинги ўринларда — «тиббий хизмат кўрсатувчи», иккинчи томондан жисмоний шахс сифатида Шартнома имзолаётган жисмоний шахснинг Ф.И.О, туғилган йили, яшаш манзили мазкур муассаса тиббиёт бригадасига бириктирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шахсларнинг қонуний вакиллари,кейинги ўринларда — «тиббий хизмат олувчи» билан (кейинги ўринларда — «томонлар») Давлат буджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари (кейинги ўринларда — кафолатланган пакет) доирасида тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тузилди.

1. Шартнома предмети

1.1. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» оилавий поликлиника томонидан кафолатланган пакет доирасида қуйидаги тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлайди:

«тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни қабул қилиш, тиббий кўрик ва маслаҳат бериш;

«тиббий хизматдан фойдаланувчи»га тиббий-профилактика хизматларини кўрсатиш;

«тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни белгиланган тартибда профилактик ва скрининг текширувлардан ўтказиш;

«тиббий хизматдан фойдаланувчи»га кафолатланган пакет доирасида касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ клиник-лаборатор, функционал ва инструментал текширувларни ўтказиш, ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация ҳамда паллиатив хизматларини кўрсатиш;

кафолатланган пакет доирасида дори ва сарфлаш воситаларига рецепт расмийлаштириш ёки уларни поликлиника орқали бериш;

оилавий поликлиника кундузги стационарида кафолатланган пакет доирасида даволаш, муолажа ва амалиётларни ўтказиш;

меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказиш, натижасига кўра «тиббий хизматдан фойдаланувчи»га меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақасини бериш;

ўлимни қайд қилиш ва расмийлаштириш;

соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, гигиеник тарбия ва бошқалар) тўғрисида маълумот бериб бориш.

1.2. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи» доимий ёки вақтинчалик яшаш ҳудудига бириктирилган тиббиёт бригадасидан бошқа тиббиёт бригадасига ўз хоҳишига кўра бириктирилганда, «Тиббий хизмат кўрсатувчи» томонидан патронаж хизмати ва уйда тиббий хизмат кўрсатилмайди.

2. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

2.1. Тиббий хизмат кўрсатувчи”нинг ҳуқуқлари:

2.1.1. Кафолатланган пакетдан ташқари қўшимча тиббий хизматларни «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ўз маблағлари ёки ихтиёрий суғурта тизими ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тақдим этиш;

2.1.2. Тиббий қарорларни ўз компетенцияси доирасида мустақил равишда қабул қилиш.

2.2.Тиббий хизмат кўрсатувчи”нинг мажбуриятлари:

2.2.1. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш;

2.2.2. Белгиланган муддатларда «тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни қабул қилиш, уни тегишли тиббий кўриклардан ўтказиш ва маслаҳат бериш, Миллий эмлаш календарига мувофиқ профилактик эмлашларни ўтказиш;

2.2.3. Ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколларга мувофиқ тор соҳа мутахассисларига, зарур ҳолларда шифохоналарга йўлланма бериш;

2.2.4. Оилавий поликлиникада мавжуд ҳамда кафолатланган пакет доирасидаги дори ва сарфлаш воситаларига (амалдаги тартибга кўра) рецепт расмийлаштириш ёки уларни бериш;

2.2.5. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг амбулатор шароитда даволаниши учун амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга риоя этган ҳолда, кундузги стационарда даволаниши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

2.2.6. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га дори воситаларини тўғри ва ўз вақтида қабул қилиш тартибини тушунтириш ҳамда дори воситасининг ножўя таъсирлари тўғрисида маълумот бериш;

2.2.7. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш ва бошқалар), касалликларнинг олдини олиш тўғрисида маълумотлар бериб бориш;

2.2.8. Касалликларни эрта аниқлаш ва диспансер рўйхатига олиш, соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш ҳамда берилган тавсияларнинг бажарилишини доимий назорат қилиш;

2.2.9. Агар «тиббий хизматдан фойдаланувчи» тиббиёт бригадасига бириктирилган ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилса, тиббиёт бригадаси томонидан кафолатланган пакет доирасида патронаж хизматини кўрсатиш, амбулатор даволаш ишларини ташкил қилиш, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг доимий ёки вақтинча яшаш жойида ва (ёки) оилавий поликлиникада унга паллиатив тиббий ёрдамларни кўрсатиш;

2.2.10. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказиш, текширув натижасига кўра «тиббий хизмат олувчи»га меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик варақасини белгиланган тартибда расмийлаштириш ёки асослантирган ҳолда расмийлаштиришни рад этиш;

2.2.11. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотларнинг сир сақланишини, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг розилигисиз учинчи шахсларга ошкор қилинмаслигини таъминлаш;

2.2.12. «Аввало зарар етказма» тамойилига риоя қилиш;

2.2.13. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»ни унинг соғлиғи ва даволаш жараёни ҳақида тўғри ва аниқ маълумот билан таъминлаш;

2.2.14. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи»га ишонч, ҳурмат ва тиббий этика тамойилларига асосланган муносабатда бўлиш, бунда очиқ ва тушунарли мулоқотни таъминлаш, «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳар қандай тиббий аралашувга «тиббий хизмат олувчи» унинг розилигини олиш.

2.3. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи» қуйидаги ҳуқуқларга эга:

2.3.1. Кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш;

2.3.2. Ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан, текшириш натижалари, қандай ташхис қўйилгани, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, буюрилган тиббий аралашувлар, уларнинг эҳтимолий оқибат ва асоратлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни очиқ ва тушунарли тарзда олиш;

2.3.3. Ўзига нисбатан тиббиёт ходимлари томонидан хушмуомалалик билан тиббий хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш;

2.3.4. Тиббий аралашувга розилик бериш;

2.3.5. Тиббий аралашувни рад этиш;

2.3.6. Кафолатланган пакет доирасидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ дори ва сарфлаш воситалари учун (амалдаги тартибга кўра) рецепт олиш ёки оилавий поликлиникадан бепул дори ва сарфлаш воситаларини олиш;

2.3.7. Қабул қиладиган дори ва сарфлаш воситаларини тўғри ва ўз вақтида қабул қилиш тартиби ҳамда уларнинг ножўя таъсирлари тўғрисида маълумот олиш;

2.3.8. Соғлом турмуш тарзи тамойиллари (зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш ва бошқалар), касалликларнинг олдини олиш тўғрисида маълумот олиш;

2.3.9. Оилавий шифокор тавсиясига кўра ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига мувофиқ тор соҳа мутахассисларига, зарур ҳолларда шифохоналарга йўлланма олиш;

2.3.10. Амалдаги ташхис қўйиш ва даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ кафолатланган пакет доирасида кундузги стационарда даволаниш;

2.3.11. Агар «тиббий хизматдан фойдаланувчи» ўзи шартнома тузган тиббиёт бригадасига бириктирилган ҳудудда доимий ёки вақтинча истиқомат қилса, тиббиёт бригадаси томонидан патронаж хизматидан фойдаланишга, кўрсатмага кўра уй шифохонасида даволанишга, ўзининг доимий яшаш жойи ёки вақтинча яшаш жойида ва (ёки) оилавий поликлиникада паллиатив тиббий ёрдамлар олиш;

2.3.12. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини аниқлаш ва қайд этиш учун тиббий текширувдан ўтиш ҳамда натижаси бўйича маълумот олиш;

2.3.13. Шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;

2.3.14. Ўзи битим тузган тиббиёт бригадасини чорак давомида бир марта, бироқ бир молия йилида кўпи билан икки марта ўзгартириш;

2.3.15. Кўрсатилган тиббий хизматлар билан боғлиқ норозилигини билдириш.

2.4.Тиббий хизматдан фойдаланувчи”нинг мажбуриятлари:

2.4.1. Соғлом турмуш тарзига риоя этиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш;

2.4.2. Белгиланган муддатларда ўз вақтида ва (ёки) оилавий шифокор тавсиясига кўра профилактик тиббий кўриклар ҳамда скрининг текширувлардан ўтиш;

2.4.3. Тиббиёт ходимлари билан ҳамкорлик қилиш, улар билан мулоқот қилишда ҳурмат кўрсатиш ҳамда соғлиғида юз берган барча ҳолатлар ҳақида бириктирилган тиббиёт бригадаси оилавий шифокори ёки ҳамшираларини хабардор қилиш;

2.4.4. Дори ва сарфлаш воситаларини уй шароитида кўрсатмаларга мувофиқ ҳолда сақлаш ва шифокор томонидан берилган тавсияларга биноан қабул қилиш;

2.4.5. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор тиббий хизматларни, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ режали стационар хизматлардан бепул фойдаланиш мақсадида оилавий шифокорнинг тегишли йўлланмасини олиш;

2.4.6. Ўз соғлиғини сақлаш, касалликларнинг авж олиши ва асоратланишини олдини олиш, ўз вақтида ва (ёки) шифокор тавсиясига кўра даволаниш.

3. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби

3.1. Ушбу шартноманинг шартларини ўзгартириш ёки уни бекор қилиш томонлар ўртасида қўшимча келишув тузиш йўли билан амалга оширилади.

3.2. Қўшимча келишув шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, шундай шаклда тузилади.

Қўшимча келишув тузишга музокаралар йўли билан эришилмаса, томонлардан бирининг талаби билан битим суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

3.3. Ушбу шартнома қуйидаги ҳолларда бекор қилинган деб ҳисобланади:

«тиббий хизматдан фойдаланувчи» бошқа тиббиёт бригадаси оилавий шифокори билан худди шундай кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатишни назарда тутувчи битим имзолаганда;

«тиббий хизматдан фойдаланувчи» (шахс) вафот этганда;

оилавий поликлиника ва (ёки) тиббиёт бригадаси фаолияти тугатилганда.

3.4. Барча ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

4. Махфийлик

4.1. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва «тиббий хизматдан фойдаланувчи» шартнома бўйича маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун жавоб беради.

4.2. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг бир-бирига битим предмети билан боғлиқ тақдим этган маълумотлари махфий ҳисобланади. Томонлар олинган маълумотларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ сақланиши учун барча зарур ва етарли чораларни кўрадилар.

4.3. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ва «тиббий хизматдан фойдаланувчи» ушбу шартнома бўйича шифокор сири ва шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлиги учун жавоб беради.

5. Шартноманинг амал қилиш муддати

5.1. Мазкур шартнома томонлар имзолаган пайтдан бошлаб кучга киради ҳамда башарти қонунчилик ҳужжатларида бошқача муддат назарда тутилмаган бўлса, ушбу шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.

6. Томонларнинг жавобгарлиги

6.1. Ушбу шартнома бўйича белгиланган мажбуриятларнинг бажарилмагани ёки лозим даражада бажарилмагани учун томонлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

6.2. «Тиббий хизматдан фойдаланувчи» томонидан мазкур шартноманинг 2.4-бандида белгиланган талаблар бажарилмаслиги натижасида соғлиғининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларда, жавобгарлик тўлиқ «тиббий хизмат олувчи» зиммасига юкланади ҳамда унга кўрсатиладиган қўшимча (кафолатланган пакетга киритилмаган ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ) тиббий хизматлар пулли асосда амалга оширилади.

6.3. «Тиббий хизмат кўрсатувчи» ушбу шартноманинг 2.2-бандида белгиланган талаблар сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича жавобгар ҳисобланади ҳамда унинг бажарилмаслиги натижасида «тиббий хизматдан фойдаланувчи» томонидан шартноманинг бир томонлама бекор қилиниши мумкин, шунингдек, «тиббий хизмат кўрсатувчи»га нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган чоралар қўлланилади.

7. Якунловчи қоидалар

7.1. Ушбу шартномада белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бажарилиши жараёнида «томонлар» ўртасида юзага келган ҳар қандай тушунмовчилик ва келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ҳал этилади ёки «тиббий хизматдан фойдаланувчи»нинг ёзма мурожаати асосида эътироз тартибида кўриб чиқилади. Мурожаатни кўриб чиқиш ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

7.2. Келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилишнинг имкони бўлмаган тақдирда, низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд орқали ҳал этилади.

Тиббиёт бригадаси оилавий шифокори

Жисмоний шахс

Тиббиёт бригадаси оилавий шифокори Ф.И.О. ва имзоси (оилавий шифокор вақтинча мавжуд бўлмаган ҳолларда амалиётчи ҳамшираси)

Туғилган вақти Шартнома имзолаётган жисмоний шахснинг туғилган вақти

 

Паспорт церийаси Шартнома имзолаётган жисмоний шахснинг паспорт церийаси ва рақами

 

Шартнома имзолаётган жисмоний шахснинг Ф.И.О. ва имзоси

 

 

 

Оилавий поликлиникада Давлат буджети ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида ШАРТНОМА