Ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш “Legal Tech” тизими

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ФАРМОНИ

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ФАРМОНИ

Фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш тўғрисида

Сўнгги йилларда фармацевтика бозорини ривожлантириш, аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлашни яхшилаш, фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, фармацевтика тармоғида олиб борилган тизимли ўрганишлар мазкур соҳани янада такомиллаштириш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш, ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилиш ва тарқоқ ҳужжатларни тизимлаштириш орқали тартибга солиш юкини камайтириш ва соҳада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Фармацевтика соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги “Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6218-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда -  Агентлик) фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи ҳужжатлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Фармацевтика соҳасини ривожлантириш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, олиб кирилиши ва сотилишига оид тартибларни янада такомиллаштириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгилансин:

фармацевтика маҳсулотларини импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати Агентлик томонидан шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқлаб борсин. Бунда мазкур рўйхатга киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари номлари тайёр маҳсулотга ҳам, “in bulk” маҳсулот шаклида импорт қилинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларига нисбатан ҳам жорий этилсин;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини саноатда ишлаб чиқариш ва дорихонада тайёрлаш учун мўлжалланган, импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйхати Агентлик томонидан белгиланган тартибда шакллантирилиб, тасдиқланиб, шунингдек, бир йилда камида икки марта янгиланиб, Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий
веб-сайтларига жойлаштириб борилсин;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан дори воситалари ва тиббиёт буюмлари миллий ишлаб чиқарувчиларига тижорат банклари кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, аммо 8 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағга кафиллик берилиши таъминлансин;

“in bulk” маҳсулоти асосида ишлаб чиқариладиган дори препаратлари ва (ёки) тиббиёт буюмларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтириш, шунингдек, уларни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш мазкур аналогик миллий маҳсулотни ички бозор эҳтиёжини таъминлайдиган ҳажмда ишлаб чиқарувчи бўлмаган тақдирда амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “O‘zmedimpeks” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда – “O‘zmedimpeks” ДУК) 2023 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлар тўлашдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буюртмалари бўйича дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспорти етказиб бериш шартномалари юзасидан божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.

“O‘zmedimpeks” ДУКга олиб кирилаётган дори воситалари, тиббиёт буюмлари, тиббиёт техникалари ва махсус тиббиёт автотранспортларини “O‘zmedimpeks” ДУК раҳбарияти томонидан уларни сақлаб туришнинг зарур шарт-шароитларини таъминлаш бўйича мажбуриятларни қабул қилган ҳолда “вақтинча сақлаш” ва “божхона омбори” божхона режими остида шахсий ҳамда ижарага олинган омборларга жойлаштиришга истисно тариқасида рухсат берилсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда “O‘zmedimpeks” ДУК буюртмалари бўйича давлат мулки бўлган иншоотлардан ва бошқа мулклардан беғараз фойдаланишга, шу жумладан ижтимоий дорихоналар ташкил этиш учун тақдим қилишни таъминлаб борсин;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан ижтимоий дорихоналарни капитал таъмирлаш, шунингдек, муҳандислик инфратузилмаларини жойлаштириш, ҳудудларини ободонлаштириш ва уларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга маблағлар ажратсин.

6. Мавжуд фармацевтика ташкилотлари 2024 йилнинг 1 январига қадар:

фармацевтика маҳсулотларининг клиник-олди тадқиқотларини амалга оширувчи барча лабораториялар Зарур лаборатория амалиёти (GLP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник тадқиқотлар ўтказувчи барча клиник базалари Зарур клиника амалиёти (GCP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши;

фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши;

фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши зарур.

7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ___________ зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти

 

____________


          Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2022 йил ____ даги
         ПФ-_____-сон Фармонига
                         ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим Фармонлари

РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5229-сонли Фармони.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20-июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-5460-сонли Фармони 3-банди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “2019 — 2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5707-сонли Фармони.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5723-сон Фармони) ПФ-5894-сонли Фармони иловасининг 28-банди.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29-августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ПФ-5794-сонли Фармони иловасининг 3-банди.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15-декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-34-сонли Фармони 1-иловасининг 1-банди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-55-сонли Фармони
6-иловаси 2, 3-бандлари.