ЛОЙИҲА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
«ЯШИЛ МАКОН» ЭЛЕКТРОН ПЛАТФОРМАСИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони ижросини таъминлаш, мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита), Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар «Яшил макон» платформаси (кейинги ўринларда – платформа) ишга туширилишини таъминласин.
2. «Яшил макон» платформасида:
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари, уларда мавжуд дарахтлар сони, тури ва жойлашуви, шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси;
аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), маҳалла ва ер участкаси) кесимида аҳолининг шахсий ташаббуси асосида дарахтлар экилиши мумкин бўлган манзиллар ва дарахтларнинг турлари;
аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни кесиш, шу жумладан санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар;
дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва кўчириш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва улар бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотлар киритиб борилсин.
3. ““Яшил макон” электрон платформасини юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қўмта «Яшил макон» платформаси ташкил этилиши ва юритилиши учун масъул этиб белгилансин.
Платформа фаолиятини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ харажатлар Қўмитанинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
5. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда платформанинг моҳияти ва аҳамияти юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ____________ зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири
Лойиҳа
Вазирлар Маҳкамасининг
2022 йил ___ “____________”_____-сон қарорига
илова
«Яшил макон» электрон платформасини юритиш, маълумотларни киритиш ва янгилаб бориш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Яшил макон» платформаси (кейинги ўринларда — платформа) фаолиятини юритиш, маълумотларни киритиш ва янгилаб бориш тартибини белгилайди.
Платформа ҳудудларнинг тупроқ-иқлим хусусиятлари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳа доирасида янги экилаётган дарахт ва бута кўчатлари, мавжуд дарахт ва буталар (кейинги ўринларда – дарахтлар), шаҳарларнинг кўкаламзорлаштирилганлик даражаси, аниқ ҳудуд (туман (шаҳар), маҳалла ва ер участкаси) кесимида аҳолининг шахсий ташаббуси асосида дарахтлар экилиши мумкин бўлган манзиллар ва дарахтларнинг турлари, аниқ ҳудуд ва ҳар бир дарахт кесимида дарахтларни кесиш, шу жумладан санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар, дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва кўчириш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва улар бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва янгилаб бориш мақсадида ташкил этилган.
2. Мазкур Низом давлат ўрмон фонди ерларига, аҳоли пункти ерларининг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқига асосан берилган ер участкаларига, хусусий мулк ҳуқуқи асосидаги ерларга шунингдек, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар ҳудудидаги ерларга нисбатан тадбиқ этилмайди.
3. Платформа атроф-муҳит муҳофазаси, дарахтларни бошқариш соҳасида шаффофликни таъминлаш учун хизмат қилади. Юридик ва жисмоний шахслар платформадаги очиқ маълумотлардан дарахтзорлар мавжуд участкаларни лойиҳалаштиришда, давлат экологик экспертизасини ўтказишда, жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа мақсадларда бепул фойдаланишлари мумкин.
4. Платформа интернетда http://yashilmakon.eco/ доменида фаолият юритади. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) платформа мазкур Низом талаблари асосида ва узлуксиз юритилиши учун масъул ҳисобланади.
5. Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Дарахт – ёғочсимон ўсимликларнинг ягона, алоҳида, кўп йиллик ҳаёт давомида бардавом ва шохланган асосий ўқи – танаси бўлган ҳаёт шакли;
Бута – 0,8-6 метр баландликдаги кўп йиллик ёғочли ўсимликлар, дарахтлардан фарқли ўлароқ, асосий танаси катта бўлмаган, лекин бир неча ёки кўп пояларга эга, кўпинча ёнма-ён жойлашган ва бир-бирини алмаштириб турадиган ўсимликларнинг хаёт шакли;
Экиш мавсуми – тупроқнинг ҳолати ва жойнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб кузда хазонрезликдан кейин ноябр ойи бошларидан бошланиб ер қатлами музлагунга қадар ҳамда баҳорда март ойининг бошидан кўчатлар куртак ёзгунга қадар давом этадиган давр;
Штаб – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) ҳокимликларида ташкил этилган, дарахт ва буталар экилиши тўғрисида кунлик маълумотларни жамловчи, умумлаштирувчи ва платформага киритувчи ишчи гуруҳ;
Кўчат экувчи субъектлар – мулк ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи, хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқларига асосан ёхуд ободонлаштириш учун ўзига бириктирилган ҳудудда дарахт ёки бута кўчатларини экувчи юридик шахслар.
Қўмитанинг ҳудудий органлари – Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари;
2-боб. Янги экилган кўчатлар тўғрисида маълумотларни киритиш
6. Қўмита Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган баҳор-куз мавсумида экиладиган кўчатлар сони, турлари, экиш манзиллари тўғрисидаги маълумотларни экиш мавсуми бошланишидан камида 10 иш куни аввал платформага киритади.
7. Кўчатлар:
фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан – ўзларига шартнома асосида бириктириб берилган экин ер майдонлари атрофларида ҳамда иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ҳудудларида;
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан – автомобил йўллари бўйларига;
сув хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибидаги корхона, муассаса ва ташкилотлари томонидан – сув хўжалиги объектлари бўйларининг иҳота ва дарахтзорлар барпо этиш учун ажратилган қисмларида;
Хомийлар ҳамда ижтимоий соҳада фаолият юритувчи корхона, муассаса, ташкилотлар томонидан – ижтимоий соҳа объектларида;
Савдо, ишларни бажариш ёки хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар томонидан – ўзлари фаолият кўрсатадиган ҳудудларда;
туман (шаҳар) коммунал хизмат кўрсатиш ёки ободонлаштириш бўлимлари томонидан – ўзларига бириктирилган ҳудудларда;
Қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари – маҳаллаларнинг умумфойдаланишдаги ҳудудларида ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ўзларига бириктирилган ерларда экилади.
8. Экувчи субъектлар ўзлари томонидан экилган кўчатлар тўғрисидаги ҳар кунлик маълумотномаларни тегишли туман (шаҳар) штабларига бериб борадилар. Бир субъект тасарруфидаги ёки эгалигидаги ҳудудга бошқа субъект томонидан хомийлик, ўзаро ёрдам ёки бошқа келишувга асосан кўчат экилган ҳолларда бу тўғридаги маълумотлар кўчат экилган ҳудудни тасарруф этувчи ёки унга эгалик қилувчи субъект томонидан тақдим этилади.
Маълумотномада кўчатни эккан ва уни тасарруфига олган субъектлар номлари, кўчат экилган сана ва майдон ҳажми, кўчатлар сони, тури, экилган жойи (охирги аниқликдаги локацияси), суғориш тизими ҳақидаги маълумотлар ҳамда кўчатларнинг фотосуратлари акс эттирилиши лозим.
Штаблар уч иш куни муддатида ушбу маълумотларнинг ҳаққонийлигини ўрганиб, амалда экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни платформага киритади. Киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун штаб бошлиқлари шахсан масъул ҳисобланади.
9. Қўмитанинг ҳудудий органлари штаблар томонидан киритилган мазкур низомнинг 8-бандида кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини беш иш куни муддатида ўрганиб чиқади. Экилган кўчатлар тўғрисидаги барча маълумотлар тасдиқланган тақдирда экиш ишлари амалга оширилган ҳисобланади ҳамда бу ҳақида платформага ёзув киритилади. Маълумотлар тасдиқланмаган ҳолларда кўчатлар экилмаган ҳисобланади ҳамда ҳолат юзасидан тегишли штабларга тақдимнома киритилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-46-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатларни экиш аҳволи юзасидан Қўмита Олий Мажлис палаталарига, қўмитанинг ҳудудий органлари эса тегишли халқ депуталари кенгашларига ахборот киритади. Мазкур ахборотлар асосида ҳудуд раҳбарлари фаолиятига баҳо бериб борилади.
10. Баҳор мавсумида экилган кўчатларнинг унувчанлиги ёз чилласи ўтиши билан сентябрь ойида Қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан тўлиқ қайта ўрганиб чиқилади. Аниқланган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда платформадаги маълумотларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.
3-боб. Мавжуд дарахтлар ҳамда юз ёшдан ошган дарахтлар тўғрисидаги маълумотларни платформага киритиш
11. Мазкур низомнинг 2-бандида кўрсатилган ҳудудлардан ташқари барча ҳудудлардаги дарахтлар хатловдан ўтказилади.
Бунда, барча давлат органлари ва ташкилотлари ўз ҳудудларидаги дарахтлар сони ва тури ҳақида маълумотларни Қўмитанинг ҳудудий органларига, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси эса давлат ўрмон фондига кирадиган дарахтлар ҳақидаги маълумотларни Қўмитага тақдим этади.
Қўмита ҳамда ҳудудий органлар олинган маълумотларни таҳлил қилади ҳамда 10 иш куни муддатида Платформанинг “Мавжуд дарахтларни рўйхатга олиш” бўлимига киритади.
Қонунчиликда белгиланган тартибда табиат ёдгорлиги мақоми берилган юз ёшдан ошган дарахтлар туман (шаҳар) экология бўлимлари томонидан хатловдан ўтказилади ва улар тўғрисидаги маълумотлар платформанинг “Табиат ёдгорлиги деб топилган дарахтларни рўйхатга олиш” бўлимига киритилади.
12. Мавжуд дарахтлар ва юз ёшдан ошган дарахтларни ҳисобга олишда уларнинг ҳар бирига хос рақам (ID) берилади. Шунингдек, мазкур дарахтларнинг тури, диаметри, жойлашган манзили (туман (шаҳар), массив, маҳалла, қишлоқ, хўжалик номи йўл рақами, контур ва бошқалар), жойи (охирги аниқликдаги локацияси), дарахт бириктирилган объект (чорраҳа, бекат, уй, бино, пикетажлар оралиғи, ташкилот) номи, дарахт ҳолати тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
Дарахтларнинг ёши маълум бўлганда уларнинг ёшлари кўрсатилади. Юз ёшдан ошган дарахтларнинг ёши ёки экилган йили аниқ кўрсатилиши лозим.
4-боб. Дарахтларни кесиш, шу жумладан санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар тўғрисида маълумотларни Платформага киритиш
13. Дарахтларни кесиш, шу жумладан санитария мақсадида кесиш учун берилган рухсатномалар тўғрисидаги маълумотлар рухсатномани берган ҳудудий орган томонидан беш кунлик муддатда Платформанинг “Рухсатномалар” бўлимига киритилади.
Бунда:
Рухсатнома қайси ҳудудий орган томонидан, қайси юридик ёки жисмоний шахсга, нима мақсадда берилганлиги;
Рухсатнома берилган сана ва рақами;
Кесилиши учун рухсат берилган дарахтнинг ID рақами (мавжуд бўлган ҳолларда);
кесиладиган дарахтлар сони, тури ва холати;
кесиладиган дарахт жойлашган манзил (охирги аниқликдаги локацияси) ва кесиш вақти;
кесиладиган дарахтнинг жойни аниқлаш имконини берувчи фарқловчи фонда олинган фотосуратлари.
Рухсатномада бир неча дарахтларни кесиш ва (ёки) санитария мақсадида кесиш белгиланган бўлса, порталга ҳар бир дарахт тўғрисидаги маълумотлар алоҳида-алоҳида акс эттирилади.
5-боб. Дарахтларни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, кўчириш ҳолатлари ва уларга нисбатан кўрилган чоралар тўғрисида маълумотларни платформага киритиш
14. Дарахтларни ноқонуний кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, кўчириш ҳолатлари ва уларга нисбатан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар мазкур ҳолатлар ким томонидан аниқланганлигидан келиб чиққан ҳолда Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари томонидан Платформанинг “Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар” бўлимига киритилади.
Бунда Платформада дарахт(лар)ни кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, кўчириш ҳаракатлари ким томонидан ва қачон содир этилганлиги, ушбу дарахт(лар)нинг ID рақами, дарахт(лар) сони, тури ва холати, дарахт(лар) жойлашган манзил (охирги аниқликдаги локацияси), дарахт(лар)нинг ўрнини аниқлаш имконини берувчи фарқловчи фонда олинган фотосуратлар акс эттирилиши лозим.
15. Шунингдек, платформага содир этилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар учун қўлланилган жавобгарлик чоралари, тузилган баённомалар, қабул қилинган қарорлар нусхалари, аниқланган зарарлар тўғрисидаги ва иш учун аҳамиятли бўлган бошқа маълумотлар киритилади. Аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки судларга юборилган ҳолларда, буни тасдиқловчи ҳужжат нусхалари ҳам платформага бириктирилади.
6-боб. Платформадаги маълумотларга ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритиш тартиби
16. Қўмита ҳамда ҳудудий органлар томонидан дарахтларни кесиш, санитария мақсадида кесиш ва (ёки) кўчириш учун берилган рухсатномалардан ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан дарахтлар ноқонуний кесилган ёки кўчирилган ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда платформасида мавжуд маълумотларга ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритилади.
Ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар дастлабки маълумотлар ким томонидан киритилганлигидан келиб чиққан ҳолда Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари томонидан ушбу ҳолатлар келиб чиққандан сўнг ўн иш куни ичида амалга оширилади.
17. Маълумотларга ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритишга етарли асослар мавжуд бўлганда бу ҳақида далолатнома тузилади. Далолатномада маълумотларга ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритишга сабаб бўлган ҳолатлар, асослар (рухсатномалар, қарорлар) ва бошқа муҳим жиҳатлар батафсил баён қилинади. Далолатнома нусхаси платформага бириктирилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
18. Қўмита платформага мазкур Низом талаблари бузилган ҳолда, хато ва (ёки) нотўғри (кейинги ўринларда – хатоликлар) киритилган маълумотларни аниқлаш мақсадида доимий равишда мониторинг тадбирларини олиб боради.
19. Қўмита ёки ҳудудий органлар ходимлари томонидан йўл қўйилган хатоликлар юзасидан Қўмита ўз ваколати доирасида таъсир чораларини қўллайди. Штаб ходимлари томонидан йўл қўйилган хатоликлар юзасидан тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдимномалар киритади. Тизимли ва (ёки) жиддий қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган ҳолларда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
20. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.